Менинг муваффақиятим тарихи негизида катта меҳнат хамда сабр ва тоқат ётади. Энг аввало, ўзим учун хаётни янада мароқли ҳамда самарали ўтказиш мақсадида мен доим дуч келган хаётий вазифаларни ечиш жараёнида ноанъанавий хамда қизиқарли йўллардан фойдаланиб келганман. Кундан-кунга ривожланиб бориш учун тинимсиз ўз устимда ишлайман!

Anglesey Food жамоасига қўшилган пайтим 27 ёшда бўлганимга қарамай, раҳбарлик тажрибасига эга бўлганлигим сабабли менга Халқлар Дўстлиги кўчасидаги дўконимизнинг очилиши ишониб топширилган ва тармоқнинг навбатдаги дўкони очилишининг бир қисмига айланганман. Эсимда, ўша пайт Корхонада жами 120 нафар ходим меҳнат қилар эди.

Ротациялар даврида Ражабий ва Дархон каби дўконларда ишлашга мушарраф бўлдим ва Дархондаги дўконимизда тармоқнинг энг кучли жамоаларидан бирини тузиб, шахсий оиламни хам барпо эттим.

2010 йилда эса, ўша вақтда биз учун йирик формат ҳисобланувчи Аэропортдаги дўконимизнинг очилиши жамоамизга ишониб топширилган ва ундаги муваффақиятдан сўнг навбатма-навбат қатор очилишларнинг гувоҳи бўлдик. Абай, Қоратош, Меркато, Сергелидаги дўконларни очар эканмиз, ҳар бир очилган янги дўконнинг қолган чакана савдо вакилларининг дўконлардан ажралиб туриши учун қўлимиздан келганча харакат қилганмиз. korzinka.uz тармоғини бошқалардан ажратиб турувчи - бу жамоанинг меҳнатсеварлиги, профессионаллиги, садоқати, фидокорона меҳнати бўлиб, бу жиҳатларнинг жамланмаси олдинга қўйилган хар қандай юқори чўққининг забт этилишини таъминлаб келмоқда.

Зафар Хашимовнинг мени чақиртириб, лавозимда кўтарилганимни шахсан эълон қилгани, 5 йиллик меҳнат фаолиятим давомида эшитган энг яхши янгилим бўлган. Бу бизнинг жамовий меҳнатимиз, шижоатимиз ҳамда саъй-харакатларимизнинг эътирофи эди.

Мен ўзимни омадли инсонман деб хисоблайман. Сабаби, қатор дўконларнинг очилишида иштирок этишга муваффаф бўлдим, турли бўлинмаларда фаолият юритувчи хамкасбларим билан хамкорликда қийин масалаларни хал этиб, биринчи назарда боши берк бўлган вазиятлардан чиқиб, тиғиз пайтларда керакли ресурсларни сафарбар этиб, энг аввало ўзим доим сафда ва ҳар қандай вазифаларни муносиб қарши олишга шай турдим ва шунга жамоамни хам ўргатиб келдим. Энг йирик ютуқларимдан бири - бу ўз вақтида ёш ходимларнинг иқтидорини кўра олганим ва уларнинг мукаммал мутахассис бўлиши йўлида қўлимдан келганча иштирок этганимдир. Уларни йўналтира олганим ва ўзимда мавжуд бўлган билимларим ва тажрибам билан бўлиша олганимдир. 10 йил мобайнида тарбиялаб келган кадрлар - тармоқнинг ривожланишига қўшган энг йирик сармоямдир. Шиддат билан ривожланиб бораётган жамоамиз кучли профессионаллар жамоасидир. Орттирган тажрибам, келажакка бўлган ишончим, режаларим, орзуларимнинг амалга ошишида Корхонанинг иштироки беқиёсдир ва бу тақсинга сазовордир. Меҳнатда энг муҳими бу инсоннинг ўзига бўлган ишончи, доимий равишда ҳар бир соҳани такомиллаштириб бориши ва тушкунликка тушмаслигидир. Бошланган ишни охирига етказишдаги шижоати ва ўзини тўхтовсиз ривожлантириб боришидир.