Велсь Университетининг (UoW) талабаси бўлиб юрган кезларимдаёқ мени маркетинг сохаси ўзига жалб қилиб келган. Korzinka.uz тармоғи эса Ўзбекистондаги муваффақиятли амалга оширилаётган маркетингнинг ёрқин мисоли бўлганлиги сабабли, мен ўйлаб хам ўтирмай айнан шу корхонага ўқишдан бўш вақтимни самарали ўтказиш учун, маркетинг бўлими раҳбарининг ёрдамчиси лавозимида ишлай бошладим. Ишимнинг илк кунлариданоқ бизнесга бўлган ўзгача ёндашув ва корхонанинг қадриятлари, хамда Алишер Камилевич Хашимовнинг мохирона олиб борган музокараларидаги иштироким мени илхомлантириб келди. Бизнесдаги илк устозларим кўмагида мен иш юритишни ўрганиб бориш билан бир қаторда юридик саводхонлигимни хам ўстириб бордим.

Секин-аста ишимга хамда ишимнинг ўзига хос хусусиятларига шўнғиб борар эканман, иш самадорлигини ошириш имконини берувчи ғояларимни таклиф этиб, мавжуд бизнес жараёнларини оқилона ташкил этиб боришга харакат қилдим. Шу йўсинда, ғояларимдан бири 2012 йилнинг энг яхши ғояси деб тан олинди. Ғоям, амалдаги гриль товуқларига бўлган навбатнинг соддалаштирилиши билан боғлиқ бўлиб, яъни мавжуд қўлда қайд этиб бориш орқали юритиб келинаётган навбатни автоматлаштириш билан боғлиқ эди.

2014 йилда тажриба алмашиш ва энг илғор хисобланувчи чакана савдо тармоқларида ўрнатилган стандартлар хамда инновациялар билан янада яқинроқ танишиш учун  АҚШга талабалик дастури ёрдамида жўнаб кеттим. Тармоғимизнинг янада динамик ривожланиши йўлида қўллаш учун, у ердаги хар бир қизиқарли ғояни ва муваффақиятли бизнес ечимларни эса қайд этиб қайд этиб келдим. Бу ғоялардан тармоғимизда хаётга тадбиқ этилган қатор лойихаларни амалга ошириш жараёнида фойдаландим.

Қайтиб келгач, мен тижорат бўлимига ўтиб, реклама майдончаларининг тақсимоти билан шуғулланар эканман, чет элда орттириб келган тажриба ва малакам ишимда қўл келганидан жуда хам мамнун бўлдим. Чунки бу мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш имкониятини берди.

Ўтган йил давомида, бўлимимизда барча сифат кўрсаткичларини сақлаган холда, белгиланган вазифаларни янада самарали ва қисқа муддатларда бажариш имконини берувчи қатор ислохотлар ўтказилди. Ва бу ислохотлар жараёнида мен korzinka.uz ва smart лойихаларининг бренд менеджери этиб тайинландим.

Чакана савдо сохаси Ўзбекистонда анча ёш ва шу билан биргаликда шиддат билан ривожланиб келаётган сохадир. Шунинг учун хам ривожланиб бораётган соха билан биргаликда қадам ташлаб бориш учун кўп ўқиб-ўрганиб бориш зарур бўлмоқда. Бу эса менга жуда хам ёқади. Жамоамизнинг иноқлиги ва кучли корпоратив руҳини қадрлайман. Устозларим ва раҳбарларим мени ва хамкасбларимни кундан-кунга илҳомлантириб келишмоқда.

Мени илхомлантирувчи ва қувват бағишловчи, эришилган натижалар қадрланувчи, дўстларим даврасида, ўзимни катта бир жамоанинг хамда оиланинг тўлақонли аъзоси эканимни хис қилиб ишлар эканман, қатъий ишонч билан, умумий ишимизнинг ривожланиши йўлида ўзимда мавжуд имкониятларни тўлақонли хаётга тадбиқ эта оладиган ва орзу қилганимдагидек ишни топганман деб айта оламан.